Наманган вилояти ва Хитой 150 миллион долларлик чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов бошчилигидаги минтақа делегациясининг Хитойга ташрифи чоғида маълум бўлди. Музокаралар давлат тузилмалари ва Хитойнинг етакчи компаниялари вакиллари билан бўлиб ўтмоқда.
Шэньчжэнда вилоят раҳбари China Everbright Environment халқаро компанияси президенти Люань Зушенг билан учрашди. Томонлар Чуст туманида чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилишининг боришини муҳокама қилиб, лойиҳани 14-16 ой ичида якунлашга келишиб олдилар. Объектни фойдаланишга топшириш 2027 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган. Корхона экологик вазиятни яхшилаши, замонавий «яшил» технологияларни жорий этишни таъминлаши ва янги иш ўринлари яратиши кутилмоқда.
Ташриф доирасида Шэньчжэнь шаҳри раҳбарияти билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди, унда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини таъкидладилар. Инвестиция, саноат ва юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, Шэньчжэнь раҳбарияти 2026 йилда Наманган вилоятида бўлиб ўтадиган Халқаро гуллар фестивалида иштирок этишга таклиф қилинди.